18 +  RSS  E-mail
16:14, 01 11 2018

Жиянига фириб берган, тоғасини алдаган


Қирқ баҳорни кўрган, тўрт фарзанднинг онаси бўлган Р.Р. ўзганинг мулкини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиш  мақсадида пинҳона режа тузди. Унинг қармоғига дастлаб  илинган одам ўзининг жияни Г.Р. бўлди.

Фото: infoport.live

Р.Р. жиянига телефон қилиб соғлиги ёмонлашиб юрганлигини, зудлик билан шифокорга  кўриниб, операция столига ётқизилиши ҳақидаги хабарни айтди. Бу сўздан жиянининг  кайфияти бузилди. “Бечора аммам, тўрт боласини боқаяпти, устига-устак оғир дардга чалинган бўлса-я…  Сўраган пулини бермасам одамгарчиликдан бўлмас” деган ўйда Г.Р. аммаси айтган жойга 15 миллион сўмни олиб келди.

Аммажониси жиянини қучоқлаб ўпди. “Раҳмат, сенга бу сахийлигинг учун, албатта бир куни қайтараман…” деди.

Г.Р. ўзича  ўйланди: “Қизиқ, сахийлик дедими”.

— Сиз оғир касалман деганингиз учун қарзга бераётган эдим, — деди жиян…

— Албатта қарзга, — деди у. — Аммажониси айлансин шундай меҳрибонидан…

Жиянининг пулини ўзининг эҳтиёжларига сарфлаган аммаси қарзини қайтаришни ўйлаб ҳам кўрмади.

Кунларнинг бирида тоғаси И.О.нинг “ҳолидан хабар олгани” уйига келди. Тоғаси ёлғиз яшарди. У тоғани алдаб авради. “Агар иккаламиз алоҳида хонада яшайдиган бўлсак, сизга хотин бўлиб, уй-рўзғор ишларига  ёрдамлашаман, овқатингизни пишириб бераман, кийим-кечакларингизни юваман. Касал бўлганингизда умрингизнинг охиригача соғлигингиздан хабар олиб, эр-хотин сифатида яшаймиз” деди у. Ўз сўзининг исбати учун И.О. билан бирга яшади. Тошкент ва Бухоро вилоятларидаги шифокорларга тоғасининг ҳисобидан кўзини даволатиб келди. Шу йўл билан унинг ишончига кирди.

Ўтган йилнинг май ойида И.О.ни авраб, унинг банкдаги ҳисоб рақамидан 80,4 миллион сўм пулларини олди. Ушбу пуллар эвазига шаҳарда хонадон сотиб олиб, давлат нотариал идораси томонидан ўз номига расмийлаштиришга эришди.  Фуқаро И.О. ни алдаш ва ишончини суиистеъмол қилиш йўли билан унинг  80 миллион сўмдан зиёд пулларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритди.

Аммо, у катта пулга эга бўлгач, бирдан ўз сўзидан айниб қолди. И.О. нинг пули эвазига сотиб олган хонадонни “ўзимнинг пулимга олдим” деди ва ундан бир зумда “воз кечиб қўйди”.

Қизиқ бўлди-ку, деб ўйлади алданиб қолган тоға. Энди нима қиламан? Шунча пулимни еб кетаверадими? Йўқ, бунга йўл қўйиб бўлмайди…

Шундай ўйлар билан И.О. бу ҳақда  ҳуқуқ-тартибот идораларига ариза билан мурожаат қилди.

Шу юзадан суд бўлиб ўтди. Судланувчи Р.Р. барча қилмишларини тан олмади. Жиянидан олган 15 миллион сўмни ҳам олмаганлигини, тоғасининг пулини ўзлаштирмаганлигини, уйни ўзининг пулига олганлигини айтиб қатъий турди.

Аммо бу ишларни кўрган ва билган фуқаролар бор эди. Улар гувоҳликка ўтишди.

Судланувчи Р.Р. 3 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Унинг олган қарзлари  қопланиши эътироф этилди.

Ойдин НУРИЕВА.


© 2018-2019 Dadil.uz
DADIL.UZ - ахборот-таҳлилий портали. 2018 йил 1 июндаги 1233-сонли гувоҳнома.
Сайт материалларидан қисман ёки тўлиқ фойдаланганда “Фойдаланиш шартлари”га амал қилиниши лозим.
Муаллифлик ҳуқуқи қонун билан ҳимояланган.