18 +  RSS  E-mail
15:14, 26 10 2018

Оила “қўрғони”даги разиллик ёхуд тақдири шу эканми?


Ақл-идроки, тафаккури орқали кўп нарсани қилишга қодир бўлган одамзод баъзан билибми-билмай хатога йўл қўяди. Ҳаётда қандай яшаш ва қайси йўлдан юриш инсоннинг ўзига ҳавола, лекин ҳар бир хатти-ҳаракатни амалга оширишда ишонч ва масъулиятни ҳам унутмаслик лозим.

Фото: svet-lana.com.ua

Донишмандлар уч нарсани ортга қайтмайди, дея таъкидлашади. Булар оғиздан чиққан сўз, ўтган вақт ва йўқотилган ишонч! Оиланинг мустаҳкамлиги энг аввало эр-хотин ўртасидаги ўзаро ишончга асосланади. Бир-бирига ҳурмат кўрсатиш ҳамда меҳр-муҳаббатли бўлиш бу оиланинг бахтли ҳаёт кечиришини таъминлайди. Афсуски, айрим ҳолларда муносабатлар дарз кетади. Ҳатто камдан-кам ҳолларда бўлса ҳам фожеа билан якун топади. Хўш, бунинг келиб чиқиш сабаблари нимада? Вилоятда рўй берган воқеа мисолида бу каби саволларга жавоб излаймиз.

Туманда юз берган мудҳиш воқеа бир зумда ён-атрофга тарқалди. Д.Э. нинг ўз жонига қасд қилганлиги ҳақидаги хабарни эшитганлар ҳолатни турлича тахмин қилдилар. Шум хабар тез тарқалади, дейишарди. Бу фикр бу гал ҳам ўз тасдиғини топди, аммо гап-сўзлар қанчалик “болаламасин” нега ўзини ўлдирди экан, деган саволга аниқ жавоб бўла олмади.

Бу гапларнинг қанчалик асосли эканлигини ўрганиш, аниқроғи, вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида бир гуруҳ ички ишлар ходимлари туман прокуратураси ҳамда ИИБ ходимлари бу ишга жалб этилди. Ўтказилган суриштирувлар давомида бор ҳақиқат юзага чиқди.

     УЙДАГИ НОТИНЧЛИК…

2011 йил декабрда турмуш қурган Т.Б. ҳамда Д.Э. лар бир йилдан сўнг қиз фарзандли бўлишди. Олдинига тинч яшаган оилада секин-аста келишмовчиликлар пайдо бўла бошлайди. Ҳатто ўрталаридаги фарзанд ҳам эр-хотиннинг ўзаро муносабатларини мустаҳкамлай олмайди. Жанжал учун ҳар гал янги сабаб топиларди, аммо мақсад бошқа эди.

Оила аъзоларидан алоҳида яшаш истагида бўлган келинини тушунишга уринган нафақа ёшидаги қайнота-қайнона алоҳида яшашлари учун ҳам шароит яратиб беришди. Рўзғори бошқа бўлса, ўзларидан тиниб-тинчиб кетишар, деб ўйлашган эди. Афсуски, бундай бўлмади. Вақт ўтгани сайин турмуш ўртоғининг хатти-ҳаракати ўзгариб, эр ўрнида кўрмасликка интилиши, айниқса, хоҳлаган вақтда, хоҳлаган жойига бориб келиши йигитнинг ғазабини қўзғарди. Шу зайлда кечирилган ҳаёт тарзи эрнинг кўнглини олдинига гумонга, кейинчалик нафратга тўлдиради.

     ҚИЛИҚЛАРИ ҚИНҒИРЛИККА АЙЛАНГАН

Одатда бу дунёни тарк этган инсон ҳақида ёмон фикр билдирилмайди. Гуноҳу савоби ўзи билан бирга кетди, дейишади. Биз ҳам марҳуманинг табиати хусусида тўхталиб, уни ёмонлашдан йироқмиз, фақат вазиятга ойдинлик киритишни мақсад қилганмиз. Токи, бошқа бу ҳолат такрорланмасин! 2017 йил февраль ойида чет давлатга ишлаш учун жўнаб кетишган эр-хотиннинг келишмовчилиги у ерда ҳам давом этади. Бегона юртда мусофирчиликда бир-бирини қўллаб-қувватлаш ўрнига аксинча ўзаро жанжаллашишади. Кейинчалик уйга қайтиб келишади. Орадан бир неча кун ўтгач эса  мудҳиш воқеа рўй беради. …

Тергов ва суд жараёнида Т.Б. шундай кўрсатма беради:

-Ўша куни эрталаб нонуштадан сўнг бир жойга бориб келаман, деб кийиниб уйдан чиқаётганди. Мен қаерга бормоқчилигини сўрадим. Ундан аниқ жавоб ололмагач, ҳеч қаерга бормайсан, дедим. У хоҳлаган жойимга бораман, қаршилик қилишга ҳаққингиз йўқ, деб бақира кетди. Қаршилик кўрсатса-да кўчага чиқишига йўл қўймадим. Тушлик пайтидан ўтиб, у яна мен билан жанжаллаша бошлади. Қизимни олдида ортиқча ҳаракат қилди. Уни юзига урдим. У ўрнидан туриб, яна мен билан жанжаллаша бошлади. Жаҳлим чиқиб, уни бошидан тушган рўмолини олдим-да бўйнидан бўғдим. Олдинига қаршилик кўрсатган хотиним кейинчалик қимирламай қолди. Диванда ҳушсиз ётарди. Уни жаҳл ва алам устида ўлдириб қўйдим… кечаси билан ухлай олмадим. Тонг отишини кутдим. Ошхонага чиқиб арқон ташлаб келдим. Соат бешларда онамга келинингиз ошхона устунига ўзини осиб қўйибди, арқонни  кесиб, хонага олиб кириб ётқизиб қўйдим, деб айтдим.

     ЖИНОЯТГА САБАБ БЎЛГАН ҲОЛАТЛАР

Суд ҳукмига кўра, судланувчи Т.Б.га нисбатан 10 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. У қилган қилмишига яраша жазосини олди, лекин оилавий низолар, юзага келган келишмовчилик оқибатида бир инсоннинг умри зомин бўлди.

Бу воқеа бошқача якун топиши ҳам мумкин эди. Эр-хотин ўртасидаги келишмовчиликларга сабаб бўлаётган ҳолатларни ўз вақтида  ўрганиш ва бартараф этиш имконияти бор эди. Хўш, бу имконият нега эътибордан четда қолдирилди? Оилавий келишмовчиликлар туфайли Т.Б. фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судига бир неча бор ариза билан мурожаат қилади.

Ҳар гал яраштирув билан якун топган мурожаатнинг аслида келиб чиқиш сабаблари ўз вақтида масъуллар томонидан батафсил ўрганилганда, низо бартараф этилганида, балки, бу мудҳиш воқеа рўй бермаслиги ҳам мумкин эди. Кекса ота-онанинг қадди янада букилмасди, йигит жиноятга қўл урмас эди.

Шунга ўхшаш мулоҳазалар кўп, аммо аниқ ва тайинли жавоб йўқ.  Наҳотки, маҳалла фаоллари ва бошқа тегишли ташкилотларнинг масъул ходимлари бу ҳолатга очиқ кўз билан қарашмаган бўлса?! Ҳ.Б. суд залида берган кўрсатмасида уларни бир неча бор яраштиришга урингани, алоҳида яшашга ҳам шароит яратиб берса-да, бу жанжаллар давом этаверганлигини таъкидлайди.

— Маҳалла фаолларига ва бошқа ташкилот ходимларига қилган мурожаатларим эътиборсиз қолдирилди. Ҳали ярашиб кетишади, ёш оила бўлишса, дея ўзларини четга олишди. Ўғлим турмуш ўртоғининг хиёнат қилаётганлигини биларди. Келин ўғлимни ҳам, ҳатто бизни ҳам ҳурмат қилмас эди. Ўғлим ажрашиш учун бир неча бор судга ариза ёзди. Сабабларини тушунтирди, ахир аёлнинг хиёнатини кечириб бўладими?!

Бу гапларга марҳуманинг онаси Р.К. қарши бир оғиз фикр билдириб, шундай кўрсатма беради: — Қизим у бўлсин, бу бўлсин, лекин уни ўлдир, деган жойи бормиди?!

     ХУЛОСА ЎРНИДА…

Жиноят содир этган шахсга нисбатан турли салбий фикрлар билдирилади, аслида ноқонуний хатти-ҳаракат қилган инсонни оқлаб бўлмайди, лекин бир инсоннинг ўлими билан якун топган бу воқеага эътиборсиз қараб, четдан кузатган, масъулиятсизликка йўл қўйган бошқа инсонлар ҳам сабабчи бўлмадимикан?! Одатда суд залида ҳукм ўқилиши жиноят ишига якун ясайди. Мавзу хотимаси эса бу борада мулоҳаза юритишга туртки берса, демак, хулоса ҳам тўғри бўлади.

Наргиза БЎРОНОВА.


© 2018-2019 Dadil.uz
DADIL.UZ - ахборот-таҳлилий портали. 2018 йил 1 июндаги 1233-сонли гувоҳнома.
Сайт материалларидан қисман ёки тўлиқ фойдаланганда “Фойдаланиш шартлари”га амал қилиниши лозим.
Муаллифлик ҳуқуқи қонун билан ҳимояланган.