18 +  RSS  E-mail
15:30, 20 10 2018

Нега болаларнинг тарбияси оғир бўлмоқда?


Болалар ёмон бўлиб туғилмайдилар!

Фото: sunhome.ru

2018 йил олти ой якуни бўйича вояга етмаганлар ўртасида 362 та жиноятлар содир этилиб, жиноятда иштирок этган вояга етмаганлар сони 436 нафарни ташкил этди.

Улардан 147 нафари умумтаълим, 239 нафари касб-ҳунар таълим муассасалари ўқувчилари ҳисобига тўғри келди.

Содир этилган жиноятларнинг 19 таси тан жароҳати етказиш, 3 таси номусга тегиш, 4 таси босқинчилик, 14 таси талончилик, 205 таси ўғрилик, 27 таси безорилик, 2 таси гиёҳвандлик ва 82 таси бошқа турдаги жиноятларни ташкил этади. Шулар қаторида вояга етмаганлар томонидан 6 та қасддан одам ўлдириш жинояти содир этилган.

Ҳар бир оилада шундай дамлар бўладики, ота-оналар бола тарбиясида муаммолар келтириб чиқарадиган хатоликларга йўл қўйишади.

     ХАТОЛАР:

     Бошқа яхши кўрмаслигини айтиш

“Агар сен мен хоҳлагандай бола бўлмасанг, сени бошқа яхши кўрмайман”. Ота-она боласини бир марта алдаш билан унинг ишончини узоқ вақтга йўқотиши мумкин.

Яхшиси : “Мен сени барибир яхши кўраман, лекин бу ҳаракатингни маъқулламайман”, деб айтинг.

     Лоқайдлик

Ота-оналар ўзларини худди уларга фарқи йўқдек кўрсатмасликка, аксинча, улар билан муносабатларни яхшилашга ҳаракат қилиши керак. Масалан, қуйидагича тушунтириш мумкин: “Биласанми, бу масалада сенинг фикрингга қаршиман. Лекин сенга ёрдам беришни хоҳлайман, чунки сени яхши кўраман. Сенга ёрдамим зарур бўлган заҳоти мендан маслаҳат сўрашинг мумкин”.

     Ҳаддан ташқари қаттиққўллик

“Мен сенга нимани айтсам, шуни қилишинг керак, чунки мен уйнинг каттасиман” қабилидаги гапларни ота-оналар болалар билан суҳбатида таъкидлаб туришади. Оқибатда, болалар ота-оналари олдида уларнинг айтганларини сўзсиз бажаришади. Улар йўқлигида эса барча тақиқларни эсдан чиқаришади.

Зарурат туғилганда, “сен ҳозир мен айтганимдай қилиб тургин, кечқурун ҳаммасини муҳокама қиламиз” каби сўзларни ишлатиш мумкин.

     Наполеончасига режалар

“Менинг болам мусиқа билан шуғулланади (теннис, рассомчилик билан), у ўзининг имкониятини қўлдан бой беришига асло йўл қўймайман”. Мақсад — имкон қадар маълумотли бўлиш, ҳатто болам буни хоҳламаса ҳам.

Зарурат туғилганда болангизга “Ўзингга ёққанини танла, биз сени қўллаб-қувватлаймиз”, деб айтинг. Болада иштиёқ бўлса, яхши натижага эришилади

     Чекланган эркалаш

Эркаловчи хатти-ҳаракатлар бола учун жуда муҳим. Бу бола характерининг ожиз жиҳатларини ривожлантириш эмас, балки парвариш ва меҳрнинг юксак кўринишидир.

     Вақт жуда кам

Ўз боласига “Афсуски, умуман вақтим йўқ”, дейдиган ота-оналар фарзандлари учун ҳам вақт топиш муҳим эканлигини унутиб қўйишган. Бола учун ота-она билан ҳамкорликдаги фаолият зарур. Улар ўз шахсига қизиқишаётганини ҳис қилишни исташади. Болангиз билан гаплашишдан қўрқманг.

Фото: uza.uz

     ОТА-ОНАЛАРГА ЁРДАМ

Жазо ва тақиқ усулларини қўллашга шошманг. Боланинг бундай хулқ-атвори сабабини топинг.

Дўстона мулоқот қилинг, буйруқ оҳанги сизга наф келтирмайди. Болангиз уни тушунаётганлигингизни ҳис қилсин.

Болаларнинг ҳис-туйғуларини менсимаслик ва уларни устидан кулиш мумкин эмас.

Фарзандларингизнинг дўстларини уйингизга таклиф қилинг, танишинг. Бу сизга болангизни кимлар билан муносабатда бўлаётгани ҳақида объектив тасаввурга эга бўлиш имконини беради.

Ғазабланманг, ўзингизни тажовузингизни кўрсатманг, босиқ ва вазмин бўлинг.

Уларга ўзингиз ҳақингизда гапириб беринг. Бу сизга фарзандингиз билан ўзаро тил топишишингизга имкон яратади.

Ўсмирнинг қизиқишларидан бирини қўллаб-қувватланг, унинг қизиқишлари ва хоббисига, келгусидаги касбига қизиқаётганлигингизни намоён қилинг.

Фарзандингизнинг шахсий ҳаёти ҳақидаги ўйларини ва фикрларини ҳурмат қилинг. Бола учун ўзининг хонаси, бурчаги бўлиши аҳамиятли. Бу принцип масофани талаб қилганлиги сабабли айрим ота-оналарга иложсиз бўлиб кўринади.

Фарзандингиз саломатлигига, унинг кун тартибига, овқатланиши, уйқусига эътибор қаратинг. Касалликларга қарши профилактикани унутиб қўйиш асло мумкин эмас.

Оилавий анъаналарни таъсис этинг, кечқурун барча оила аъзолари йиғилганда, кун давомида ҳар бири билан содир бўлган воқеалар хусусида суҳбатлашинг.

Фарзандингизни нотўғри қилинган иши ва хатти- ҳаракатини тўғирлашга ўргатинг. У билан ҳурмат ва дўстона оҳангда гаплашинг.

Фарзандингиз интернетда нималар билан машғул бўлаётганига диққат қилинг ва бу билан қизиқаётганингизни билдиринг.

Бола энг аввало оилада кўрганларини ўрганади, ота-она уларга ўрнак бўлади.

Фарзандингиз билан мулоқот учун вақт ажратишга ҳаракат қилинг.

Фарзандингизнинг ҳаётида пайдо бўлаётган муаммолари ва қийинчиликлари билан доимий равишда қизиқиб боринг.

Фарзандингизнинг ўз иқтидорини ривожлантиришида ёрдам беринг.

Болага босим ўтказмасдан муомала қилинг, бу билан сиз уни мустақил қарор қабул қилишига ёрдам берасиз.

Болангизнинг ўсиш давридаги барча босқичлари тўғрисида аниқ тасаввурга эга бўлинг.

Боланинг мустақил фикрлаш ҳуқуқини ҳурмат қилинг ва шундай йўналтирингки, у тўғри қарор қабул қилишга эришсин.

Оилангизнинг барча аъзоларини ҳурмат қилинг.

Бола билан эмас, муаммо билан курашинг.

Болалар олдида зарарли одатлардан сақланинг (чекиш, ичиш, гиёҳвандлик каби).

Ҳаётга бола назари билан қарашни ўрганинг.

Аксарият ҳолларда оиладаги салбий шарт-шароит тарбияси oғиp бола шахсининг шаклланишига замин яратиб беради: Оилада соғлом муҳит бўлмаслиги асосан худбинлик ва бошқа салбий ҳислатларни тарбиялайди.

Кўпинча бундай носоғлом муҳит ота-оналарнинг ёки қариндошларнинг ахлоқсизлиги билан боғлиқ бўлади.

Фарзандини севувчи, унга фақатгина яхшиликни раво кўрувчи ота-оналар орасида ҳам зарур педагогик маданият етишмаслиги оқибатида фарзанди учун носоғлом муҳит яратиб бераётганлар ҳам кам эмас.

     Ҳурматли ота-оналар!

Агар сиз фарзанд тарбиясида, у билан муносабатда ва мулоқотда муаммоларга дуч келаётган бўлсангиз, Республика болалар ижтимоий мослашув маркази мутахассисларига мурожаат қилишингиз мумкин.

Телефонлар:

Тошкент ш. -0 (371) 281-50-18  Фарғона ш. – 0 (373) 244-54-71  Самарқанд ш.- 0 (366) 233-69-09

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Вояга етмаганлар ишлари бўйича республика идоралараро комиссияси


© 2018-2019 Dadil.uz
DADIL.UZ - ахборот-таҳлилий портали. 2018 йил 1 июндаги 1233-сонли гувоҳнома.
Сайт материалларидан қисман ёки тўлиқ фойдаланганда “Фойдаланиш шартлари”га амал қилиниши лозим.
Муаллифлик ҳуқуқи қонун билан ҳимояланган.