18 +  RSS  E-mail
13:08, 18 10 2018

Турмуш ўртоғининг қотили бошини чангаллади


Ш.С.ни бир кўрган одам қўли қонга ботишига сира ишонмайди. Камтар ва камсуқум, содда ва беозор бўлиб кўринган бу шахс  ўзаро оилавий келишмовчилик оқибатида  ўз аёлининг жонига қасд этди. Эндигина ўттиз ёшдан ошган келинчак Н.П. бевақт ҳаётдан кўз юмди. Уч нафар вояга етмаган фарзандлар қон йиғлаб қолишди…

Фото: ru.photo-ac.com

Хўш, улар қандай қилиб танишиб турмуш қуришган эди.  Н.П. ва  Ш.С.нинг отаси ҳарбий хизматда бирга бўлишди. Иккиласи  жуда қалин дўст бўлиб қолишди. Агар соғ-саломат бўлсак, албатта қуда бўламиз, дейишди улар. Чунки  Б.П.нинг оиласида қиз фарзанд,  Р.С. нинг оиласида эса ўғил фарзанд дунёга келади. Шундай қилиб, икки  қиёматли дўст қуда бўлишади.

Келин оила муҳитига кўникиб кета олмади. Қайнона билан ораларида тез-тез келишмовчилик бўлиб турарди. Аммо келин эри билан жуда аҳил яшашарди. Қайнона билан келишмовчилик оқибатида у тез-тез отасининг уйига кетиб қоларди.

Ш.С турмуш ўртоғи билан бир корхонада ишларди. Аммо у отаси билан Россия давлатига ишлаш учун кетиб қолди.  Хорижий давлатдан келгач, аёли билан ажралиш ҳақида ариза берди. Аммо суд  уларга ярашиш имкониятини яратди. Шундай қилиб улар яна бирга яшаб кетишди. Яна орада икки нафар фарзанд туғилди. Энди уларнинг фарзанди уч нафар бўлди.

Оиладаги муҳит жуда ёмон эди. Қайнона келинига гапини ўтказишга тиришар, келин эса ўз билганидан қолмас эди. Қарс икки  қўлдан чиқади, деганларидек,  қайнона ҳам, келин ҳам бир гапини ичига ютиб юборишни хоҳламас эдилар. Бири биридан қолишмасликка ҳаракат қилишарди. Ш.С. нинг боши қотиб қолди. “Нима қилсам экан”, деган ўй унга тинчлик берамсди.

Навбатдаги бошланган жанжал келиннинг фарзандларини олиб отасиникига кетиб қолиши билан ўз ниҳоясига етди. Йигит уйга сиғмай қолгандек сезди ўзини. Фарзандлари бўлмагани учун уй унга қабристонни эслатарди. Жим-жит хонадонда у нима қилишини билмасди. Устига-устак Россияга кетиши муносабати билан ишдан ҳам бўшаган эди.

Шундай кунларнинг бирида  Ш.С.  АТ Халқ банки Шовот туман филиалига бориб қолди. Сабаби у зарур бўлганлиги учун банкдан кредит олган, турмуш ўртоғи эса унга кафил бўлган эди…

Ота уйида ўтирган Н.П. ни кўрган эри “нима қилиб юрганлиги” билан қизиқди. Аёли “бундан кейин кредитингизга бошқани кафил қилиб олинг, мен кафил бўлмайман”, деди шартта.  Ш.С. ҳайрон бўлиб  хотинига қаради. “Ҳа, шундай, ота-онангиздан бўлак чиқиб алоҳида яшасаккина сиз билан  эр-хотин бўламан. Бўлмаса менга эр керак эмас. Умримни уруш-жанжал билан ўтказишни истамайман”, деди.

“Майли, ихтиёринг. Мен ота-онамни ташлаб кетолмайман. Юр  машинада бир айланиб келамиз”, деди Ш.С.

Шундай қилиб улар хилват қумликка чиқиб қолишди. Ш.С. аёли билан  ҳарчанд ярашишга умид қилди, бўлмади. Аёл алоҳида яшаш истагини билдирарди. Эр икки ўт орасида қолиб кетган эди.

Шу пайт унинг миясига бир фикр келиб қолди. Шартта  машинада турган ошхона пичоғини билдирмасдан олди-ю хотинининг ёнига орқа ўриндиққа ўтирди. Н.П. бир нарсани сездими, “менга тегманг” дея олди холос.  Н.П.нинг бўйнини бир зумда кесиб ўтган пичоқ унинг ҳаётига якун ясади.

Йигит хотинининг ўлганига ишонч ҳосил қилгач, уни машинадан судраб туширди ва сал четроққа олиб бориб ташлади. Машинада турган бир ярим литр баклашкадаги бензинни унинг устига сепди-да ёқиб юборди.

Уйига етиб келгач, автомашинадан Н.П. нинг сумкасини олди-да, тандирга ташлаб ёқиб юборди ва қилмишини, бўлган воқеани отасига айтиб берди. Отаси шу заҳотиёқ ўғлини олдига солиб ички ишлар бўлимига йўл олди.

Шундай қилиб йигит барча айбини бўйнига олди. Хотинини кафилликдан воз кечганлиги учун ўлдирмаганлигини айтди.

Натижада бир оила барбод бўлди. Қайнона “мен каттаман” дея ўзига кўпроқ ишониб юборди. Келин эса жанжалга тоқат қила олмади. Оила пароканда бўлди, уч нафар норасида етим қолди.

Ш.С.нинг ота-онаси қон йиғлашди. Оилавий келишмовчиликларнинг охири бундай бўлишини ўйламаган қайнона ҳаммадан кўп йиғлади…

Судланувчи Ш.С. 15 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Ойдин НУРИЕВА.


© 2018-2019 Dadil.uz
DADIL.UZ - ахборот-таҳлилий портали. 2018 йил 1 июндаги 1233-сонли гувоҳнома.
Сайт материалларидан қисман ёки тўлиқ фойдаланганда “Фойдаланиш шартлари”га амал қилиниши лозим.
Муаллифлик ҳуқуқи қонун билан ҳимояланган.