18 +  RSS  E-mail
14:39, 16 10 2018

Америкага ишга юбораман


дея содда кишиларни алдаб келган йигитларнинг қилмишлари тарози палласида тортилди…

Фото: by.utro.news

Самарқанд вилоятининг Самарқанд шаҳрида яшайдиган, эндигина 23 ёшга кирган А.Н. ва А.Р. шундай бир режа тузишдики, бу орқали улар бирдан бойиб кетиш орзусида “фаолият” кўрсата бошлашди.

Хоразмлик  Р.А. таниши А.Р.га  қўнғироқ қилди ва  Америка Қўшма Штатларига бориш учун виза расмийлаштириб бериш ҳақида илтимос қилди. А.Р. бу борада жуда олғир эди. У бу ишни хамирдан қил суғургандек бажаришини айтиб қолди.

Ниҳоят  кутилган кун етиб келди. А.Р. ва унинг дўсти А.Н. Урганч шаҳрига келишди. Улар кафеда овқатланиб, АҚШга жўнатиш бўйича виза расмийлаштириш тартибини гаплашиб олишди. Дўстлар биргаликда Р.А. га виза олиш жараёнини тўлиқ тушунтириб берди.

Кейин Р.А. дан уч кишига виза тўғрилаб бериш учун келишилган 12300 АҚШ долларининг ярмини, яъни 6300 АҚШ долларини олдиндан тўлов сифатида олишди. Қолган 6000 АҚШ долларини виза битганидан кейин олишга келишишди.

Меҳмон йигитлар катта пулни олиб, кайфиятлари жуда аъло бўлиб  турган бир маҳалда, уларнинг ёнларига фуқаролик  кийимидаги бир неча кишилар келишиб, ўзларини масъул идораларнинг ходимлари деб таништиришади ва  ёнларидан ҳужжатларини олиб кўрсатишади.

Аросатда қолган меҳмон йигитлар қилмишларига иқрор бўлишди.

А.Р ва А.Н бирор фойдали машғулот билан шуғулланмаганлиги, ишсиз бекор юрганлиги оқибатида ана шундай бўлмағур  “юмушларга” бош қўшишган. Агар бир жойда ишлаганларида бундай кўчага киришга уларнинг вақти ҳам бўлмас эди.

Судланувчилар А.Н. ҳамда  А.Р. ларнинг ҳар бирига 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланди.  Қилмиш-қидирмиш деб шуни айтсалар  керак-да!

            Дилфуза БОБОЖОНОВА.


© 2018-2019 Dadil.uz
DADIL.UZ - ахборот-таҳлилий портали. 2018 йил 1 июндаги 1233-сонли гувоҳнома.
Сайт материалларидан қисман ёки тўлиқ фойдаланганда “Фойдаланиш шартлари”га амал қилиниши лозим.
Муаллифлик ҳуқуқи қонун билан ҳимояланган.