18 +  RSS  E-mail
7:23, 03 10 2018

Амакиси ва жиянининг қотили 23 йилга “кесилди”


Туман марказига яқин қишлоқда яшовчи Комил ота (исм-шарифлар ўзгартирилган)нинг Илёс ҳамда Собир исмли фарзандлари иккита уйни бирга қуришди. Ота жигарларининг  яқин қўшни бўлиб яшагани маъқул, деган  фикрда эди. Улар кўп йиллар аҳил ва иноқ яшашди.

Кейин Илёснинг оиласида ўғил фарзанд дунёга келди. Унга хайрли ниятлар билан Азиз дея ном беришди. Орадан  бир йил ўтиб Собирнинг хонадонида туғилган қизалоқнинг номини  Замира деб қўйишди. Улар бирга ўйнаб улғайишди.

Орадан  йиллар ўтди.

Азиз 18  ёшга кирди.  Тумандаги фермер хўжалигида ишларди. Аммо у ота-она  кутганидек ватаннинг азиз ўғлони  бўлиш ўрнига… қалбида жиноятга мойиллик ҳисси бор эди.  Касб-ҳунар коллежининг охирги босқичида  ўқиётган кунларнинг бирида қўшниси З.Ортиқовнинг уйига ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, ғайриқонуний равишда кириб,  “аланга” навли шоли уюмидан бир қопни тўлғазди. Эндигина қопнинг оғзини бекитаётганида қўшнининг ўғли Нодир келиб қолиб, ўғрини ушлаб олади. Қўлга тушган ўғри бола Нодирга ялиниб-ёлворади, йиғлайди.

“Опам эридан ажралишиб, уйга келиб ўтирибди, отам бу ҳолдан ғамгин бўлиб юрибди, моддий томондан қийналиб қолишганлиги туфайли  шолини сотиб зарур харажатларга ишламоқчиман” деди. Бу пайтда Азиз 16 ёшда эди…

Оқибатли қўшнилар унинг йиғлаганлиги, бундай ишни иккинчи марта қилмасликка сўз берганлиги учун Азизни кечиришади.

Ўша пайтда  бу ишдан маҳалла участка инспекторини хабардор қилишганида эҳтимол жиноят бу даражага бориб етмасмиди?! Бир жиноят иккинчисини  келтириб чиқаради, дейишгани тўғрилиги Азизнинг тақдирида яна бир карра  намоён  бўлади.

Бир маҳаллада қўшни бўлиб яшайдиган қариндошлар —  Собир Азизни чақиради ва бир шиша  ароқ олиб келишини сўрайди-да қўлига 14 минг сўм пул беради.

Азиз дўконда ароқ бўлмаганлиги сабабли уч шиша вино ичимлигини олиб келади. Амаки жиян роса ичишади. Базм устига коллежда ўқийдиган  оиланинг қизи  Замира келиб қолади. У  ҳам столга келиб, амаки жияннинг ёнида ўтириб тушлик қилади ва боғ томонга чиқиб молларига сув бериб ўт ташлаб яна ўз хонасига кириб кетади.

Шу пайт ота ҳам нима учундир боғ томонга чиқиб кетади. Эндигина 19 ёшга кирган Азиз  пайтдан фойдаланиб қолишга интилади. Кўнглида шум ният пайдо бўлади.

Секингина қизнинг хонасига киради  ва унинг номусига тегишни мўлжаллайди.  Замира қўрқиб кетиб бақиради. Аммо, Азиз  қизнинг оғзини ёпади ва бўйнидан бўғади, қиз ҳушидан кетиб йиқилади. Шу пайтда унинг кийимларини ечиб ташлайди…

Қизининг чинқириғини эшитган отанинг кўнгли нимадир сезади ва қўлида болта билан қизининг хонасига киради. Азиз  амакисининг оёғидан тортиб ерга йиқитади. Болтани олиб унинг бош  қисмига ўта шафқатсизлик билан бир неча  маротаба уради.

Оқибатда  Собирнинг бош мия очиқ жароҳати, энса суяги очик ботиб синиши, бош мия юмшоқ ва қаттиқ пардалари остига қон қуйилиши, миянинг сиқилиши каби ҳаёти учун хавфли бўлган оғир тан жароҳатлари етказилади.

Худди шу пайтда Замира ҳушига келади. Ўрнидан туриб қочмоқчи бўлади, аммо Азиз унинг бўйнидан бўғаётганида ота ҳушига келиб туришга уринади. Азиз амакисини яна болта билан уради. Замира амакиваччасининг  отаси билан андорман бўлаётганидан фойдаланиб йигитнинг қўлидан  чиқишга уриниб долон томонга қочади. Аммо, Азиз бир зумда унинг изидан югуриб келади ва ошхонада турган пичоқни олиб уни бўйнидан кесиб юборади-да пичоқни томга улоқтиради.

Азиз амакисини қасддан ўлдиради ва қотилга айланади.

Қизнинг хонасидаги сандиқни титқилаб қоғозга ўраб қўйилган 4,8 миллион сўм пулни олиб ўз уйига йўл олади.

Ҳовлисига кириб товуқхона ичига пулларни бекитиб қўяётганида шу ерда бир литрлик баклашка ичига солиниб турган ёнилғини кўриб қолади. Баклашкани олиб амакисининг уйига қайтиб киради. Ёнилғини аввало долонга, кейин Замирани ётоқхонасига ва ошхона ташқарига чиқадиган йўлагига сепиб гурурт билан ёқиб юборади. Ошхонада турган суюлтирилган газ баллони шланкасини пичоқ билан кесиб, уни Замиранинг хонасига киритиб қўяди. “Мабодо газ баллон портлаб кетса, воқеани ҳеч ким билмайди” деган фикр келади қотилнинг миясига. Кейин секингина ўз уйига  чиқиб кетади ва молхонаси устида бўлаётган воқеани кузатиб туради.

Орадан кўп ўтмай  оила бекаси, Собирнинг умр йўлдоши, Замиранинг онаси ишдан келиб қолади. Қараса, уй ичи тутунга тўлган. Ошхонада эри Собир ўлиб  ётарди. Эрининг кийимлари ёнаётганлигини кўриб дарров югуриб келади ва қийимларидаги ўтни ўчиришга киришади. Аммо, ўлиб қолганлигини билгач, Замира, дея жон ҳолатда  чақиради. Аммо бу дунёни тарк этган, 17 ёшида  ҳаётдан кўз юмган бегуноҳ ва шафқатсизларча номуси булғанган қизнинг жони танаси узра титраб турар, қизнинг овози эшитилмас, тутундан бўғриқиб кетган эди…

Она ичкарига кирай деса ҳамма ёқ қоп-қора тутун билан қопланган эди. У зудлик билан ташқарига чиқиб, қўшниларини ёрдамга чақира бошлади. Шу вақтда кўзи биринчи бўлиб Азизга тушади. Йигит молхонаси устида улар томонга қараб турган эди.

— Азиз, амакинг ўлиб  ётибди, ҳаммани  тез чақир, — дея бақиради ва яна ичкарига кириб кетади.

Она ошхонадан долонга ўтиб, бир-икки метр юрганида пастда Замиранинг ётганлигини кўради. Қизининг бошини кўтарганида бўйин қисми кесилганлигини, ҳамма жойи қон бўлиб қолганлигини кўради. Лекин уни ҳали жони чиқиб кетмаган, хириллаб паст овоз чиқарарди.

Гўёки югуриб зудлик  билан етиб келган Азиз Собирни ким биландир кўтариб ташқарига чиқаришга уринарди. Онаизор қизининг бўйни узилиб кетмаслиги учун бошини ушлаб ўтирарди.  Ёнига “ёрдамга” келган Азиз Замиранинг оёғидан тортади. Аммо бўйни кесилганлиги сабабли она Азизга шошилмасдан кўтаришини айтади ва ўзи Замирани бўйнини ушлаб, кўкрагига босган ҳолда ташқарига олиб чиқишади ва отасини ёнига қўйишади…

Қўшнилари “Тез ёрдам” ва “Ёнғин хавфсизлиги хизмати”га телефон қилганлиги боис улар дарров етиб келишган эди. Қизни “Тез ёрдам” машинасига ётқизишади. Туман касалхонасида уни операцияга тайёрлашади.  Она илҳак кутади. Шу пайт шифокор онанинг ёнига келиб “Замира паст овозда “Азиз” деган исмни айтаяпти, у ким, деб сўрайди. Она дарҳол  қизининг ёнига шошилади.

— Замира, Азиз деб айтаяпсанми, ким у — дейди.

Замира нимадир дея  пичирлайди…

Шу ерда турган ички ишлар бўлими ходимлари бу ишни ким қилганлигини ёзиш учун Замирага қоғоз ва қалам беришади.

Замира ўз қўли билан “Азиз, Рухшона опани боласи” дея ёзиб беради.

Шу пайт қизни зудлик билан операцияга олиб кириб кетишади. Аммо, оғир тан жароҳати олган Замира операция пайтида ёруғ дунёдан абадий кўзини юмади…

Эртасига Комиловлар оиласидан иккита тобут кўтарилди. Ота ва қизнинг фожеали ўлими учун бутун бир қишлоқ аҳли аза тутди. Ака-уканинг,  икки нафар туғишганнинг бири – Собир  ҳаётдан кўз юмди. Илёснинг ўғли амакиси ва бегуноҳ қизининг қотилига айланди. Одам фарзанди қилмайдиган ваҳшийликка қўл урди. Одамзодга, яқин қариндошга ярашмаган шафқатсизлик қурбони бўлган икки бегуноҳнинг тақдири жуда аянчли эди.

Ота қизининг қисмати учун қўлига болта олиб югурди. Қизини зўравон чангалидан қутқаришга ҳаракат қилди, аммо ўзи ҳам ваҳшийлик қурбони бўлди. Одам қиёфасидан йироқлашиб кетган қонхўр жиян амакининг оиласини вайрон этди, онаизорнинг юрагини армонга тўлдирди…

Бўйи етиб турган кўҳликкина қизнинг умри шамолларга совурилди, коллежда яхши ниятлар билан ўқиётган қиз умид билан  чиқиб кетган ўқув даргоҳига эртасига қайтиб бора олмади…

Бирга ўйнаб ўсган тенгқур амакиваччасининг вахшийлигини у туш кўрибдими ахир?!

Бу ишни ўз вақтида тўхтатиш мумкинмиди? Азиз қўшнисининг уйига кириб шоли ўғирлаётганида бу ишдан профилактика инспекторини хабардор қилиб қўйиш мумкин эмасмиди? Нима учун  балоғатга етган ўсмирлар билан тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмаган? Профилактика инспектори маҳалладаги йигитлар билан нима учун  профилактик  тадбирларни олиб бормаган!

Азизнинг юриш-туриши шубҳа уйғотмаганмиди? Оиласида нотинчлик бор экан, у нега бегуноҳларнинг умрига зомин бўлиши керак эди?  Ўсмирларнинг қандай иш билан мушғул бўлиб юрганлигидан масъуллар бехабар бўлишганми? Ҳар бир ўсмир профилактика инспекторининг назоратида бўлганида эҳтимол юқоридаги  жиноят содир  этилмаган бўларди!

Маҳалла фуқаролар йиғини раисининг асосий вазифаси тўй-маракаларни ўтказиш эмас, балки биринчи навбатда ҳудудда жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича тарғибот ишларини олиб бориш, ёшларни ичкиликбозлик ва бошқа иллатлардан асраш, фуқароларни бир-бирига нисбатан меҳр-муҳаббатли бўлишга ундаш эмасми?

Азиз Комилов фуқаро С.Комиловнинг жуда кўп миқдордаги мол-мулкини қасддан нобуд қилиш ҳамда амакиси ва унинг қизини ёнғин натижасида вафот этгандек қилиб кўрсатиб, содир қилган  жиноятини яшириш мақсадида жабрланувчининг уйига ўт қўйиб, воқеа  жойидан кетиб қолган.  Судланувчида ҳақиқатдан ҳам марҳум С.Комиловнинг 136,2 миллион сўмлик  уйини қасддан нобуд қилиш нияти бўлганлиги  жиноят ишида тасдиқланган, бироқ бу жинояти ўзига боғлиқ бўлмаган  ҳолатда охирига етказилмаган.

Собир нима учун акасининг ўғли билан спиртли ичимлик истеъмол қилди? Ахир бу йигит унинг тенги эмас эди-ку?!  Ўзидан 20 ёш катта амаки билан  ароқ ичиб ўтиришлик Азизга қандай туюлган экан?! Эндигина мустақил ҳаётга кириб келаётган йигит нима учун  спиртли ичимликка ружу қўйди? Нима учун мастлик оқибатида жиноят содир қилди?! Саволлар адоғсиз, саволларга жавоблар  эса…

Судланувчи Азиз Комилов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг бир қанча моддалари билан айбли деб топилди. Суд ҳукми билан 23 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.

У ушбу жиноятни содир қилганида 18 ёшда эди. Жазо муддатини тўлиқ ўтаб қайтадиган бўлса, соч-соқоли оқарган киши ўрнида тасаввур қилишнинг ўзи аянчли.

Умрининг энг гуллаган йигитлик ёшини у қамоқда, панжара ортида ўтказадиган бўлди. Бу йиллар унга азоб ва армон йиллари бўлади…

Феруза ТАНГРИБЕРГАНОВА.


© 2018-2019 Dadil.uz
DADIL.UZ - ахборот-таҳлилий портали. 2018 йил 1 июндаги 1233-сонли гувоҳнома.
Сайт материалларидан қисман ёки тўлиқ фойдаланганда “Фойдаланиш шартлари”га амал қилиниши лозим.
Муаллифлик ҳуқуқи қонун билан ҳимояланган.