18 +  RSS  E-mail
15:30, 29 09 2018

Қирқ йилга яқин қозон қайнатган сохта диплом


Фото: yandex.ru

Умрнинг энг гўзал палласи — талабалик. Уни олтин давр дейишади. Биз ҳикоя қилмоқчи бўлган ушбу тақдир аслида кичик эмас, бир инсоннинг иш фаолияти, ризқи, уйига олиб келаётган ош-нони… қисқаси, рўзғорни тебратаётган сохта дипломи ҳақида.

Р.Н. бундан анча йиллар илгари Жиззахда ўқиётган хоразмлик йигит билан танишиб қолиб, 1974 йили воҳага келин бўлиб тушди. Ўшанда  қайнотаси (раҳматли) бўлажак келинини “ўзим ўқитаман” деб кўндирган эди.

Орадан уч-тўрт йил ўтиб, қайнота сўзининг устидан чиқишга киришди: келинини Низомий номидаги Тошкент давлат институтига олиб бориб ўқитувчилар билан таништирди (судланувчининг кўрсатмасидан). Шунда у “Низомий” институтига ҳужжатларини топширди. Кейин ҳар олти ойдан ёки бир йилдан ўқишга бориб-келиб юрди. Фарзандли бўлгач эса ҳатто икки йиллаб ўқишга қадамини босмади. Бирон маротаба имтиҳон ҳам топширмади. Бироқ қайнотаси унга 1981 йили институтнинг педагогика ва психология йўналишини тамомлаганлиги тўғрисидаги диплом нусхасини олиб келиб берди. Шунда у дипломнинг аслини сўраса, қайнотаси ҳам асли ўзида эканини айтиб қўя қолди…

Р.Н.нинг судда берган кўрсатмасига қулоқ тутсак, дипломнинг аслини умуман кўрмаган. Аммо диплом нусхасининг ўзи билан нафақага чиқишга ҳам улгурган. Бугун олтмиш ёшдан ошган Р.Н. ушбу диплом нусхаси билан фуқаролар йиғинида маслаҳатчи лавозимидаям ишлаган.

Орадан қирқ йилга яқинроқ вақт ўтиб, мана, дипломнинг қалбаки эканлиги аниқланиб турибди. Аниқроғи, жорий йилнинг апрель ойида Р.Н. ўз маҳалласида хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассисликка танлов бўлиб ўтганида ушбу дипломни тақдим қилгач, узоқ йиллик “сир” очилди.

Мазкур ҳолат юзасидан судланувчининг айбига тўлиқ иқ-рорлигидан ташқари, оилавий аҳволи, қилган ишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, ҳар бир ишига масъулият билан ёндашганлиги, шунингдек, бу борада гувоҳлар кўрсатмалари тинг-ланди.

Судланувчи Р.Н. ушбу қилмиши билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди ва кодекснинг тегишли моддаси қўлланиб, жазодан озод этилди.

Акмал ЖУМАМУРОДОВ.


© 2018-2019 Dadil.uz
DADIL.UZ - ахборот-таҳлилий портали. 2018 йил 1 июндаги 1233-сонли гувоҳнома.
Сайт материалларидан қисман ёки тўлиқ фойдаланганда “Фойдаланиш шартлари”га амал қилиниши лозим.
Муаллифлик ҳуқуқи қонун билан ҳимояланган.