18 +  RSS  E-mail
13:54, 13 09 2018

«Наманган инвестиция бизнес-форуми»


Вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимликлари, тегишли бошқарма ва ташкилотлар, банк муассасалари масъул ходимлари, ишлаб чиқариш корхоналари, Фарғона, Андижон вилоятлари, маҳаллий тадбиркор ва ишбилармонлар, АҚШ, Голландия, Дания давлатлардан ташриф буюрган ҳамкор бизнесменлар вакиллари иштирокида ўтган форумда вилоятнинг инвестиция салоҳияти ва уни рўёбга чиқариш борасида эришилаётган натижалар, истиқболдаги имкониятлар ҳақида кенг маълумот берилди. Бу ҳақда Наманган вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати хабар қилади.

Вилоятни 2018-2019 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш Дастурига асосан 503 та лойиҳа шакллантирилган бўлиб, шундан жорий йилда умумий қиймати 264,0 миллион АҚШ долларлик 306 та лойиҳани амалга ошириш ҳамда 9 минг 740 та янги иш ўрни яратиш белгилаб олинган.

Йилнинг ўтган даври мобайнида саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш йўналишларида умумий қиймати 190,0 миллион долларга тенг 166 та лойиҳа фойдаланишга топширилди ва 4 мингга яқин иш ўрни яратилди. Жумладан, Наманган шаҳрида «Мирай Сокс» қўшма корхонасида трикотаж маҳсулотлари, «Суғдиёна файз текстил» МЧЖда тикувчилик маҳсулотлари, «Miray Soks» қўшма корхонасида автомобил фаралари, «Nam Toch servis» хорижий корхонасида том ёпқич ашёлари, «Косонсой серҳосил интенсив боғлари» МЧЖда  қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, «Чодак асл бизнес» МЧЖда ун ва ун маҳсулотлари, «Уйчи парранда» МЧЖда парранда гўштини ишлаб чиқариш каби йирик лойиҳалар ишга туширилди.

Форумда таъкидландики, қулай инвестиция муҳитини яратишда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан барпо этилаётган эркин иқтисодий зоналар, кичик саноат зоналари муҳим аҳамият касб этмоқда. Айни пайтда  мамлакатимиздаги эттита эркин иқтисодий зоналардан бири Наманганда ташкил этилмоқда. «Косонсой-фарм» деб номланган мазкур саноат ҳудудида дори-дармон ва тиббиёт воситалари ишлаб чиқаришга қаратилган, умумий қиймати 13,2 миллион доллар бўлган 10 лойиҳа амалга оширилади. 100 турдаги дори-дармонлар ишлаб чиққаришни йўлга қўйиш кўзда тутилган ушбу эркин иқтисодий зонада жорий йил охиригача 3 та, 2019 йилда 6 та корхона ишга туширилади. 2020 йилда саноат ҳудудиди тўла қувват билан ишлай бошлайди.

Саноат ишлаб чиқариши йўналишидаги ҳудди шундай эркин иқтисодий зона Чуст туманида ҳам ташкил қилинади. У ерда умумий қиймати 157,3 миллиард сўмлик 12 та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган.

Форумда шунингдек, маҳаллий ва хорижий инвесторларга бўш турган объектлардан самарали фойдаланиш, солиқ имтиёзлари ва преференсиялар, банк кредитлари ажратиш, импорт ва экспорт, туризимни ривожлантириш, тадбикркорлик фаолиятига тўсқинлик қилаётган муаммоларни бартараф этиш чора-тадбирлари  борасида амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.

Форум доирасида вилоятда фаолият кўрсатаётган илғор ишлаб чиқариш корхоналари маҳсулотлари кўргазмаси, давлат хизматлари маркази, адлия тизими томонидан кўрсатилаётган ҳуқуқий-ахборот хизматлари кўргазмаси намойиш этилди.

Форум иштирокчилари «Орзу» кичик саноат зонаси, Наманган шаҳрида барпо этилаётган «Афсона» маданият ва истироҳат боғи, «Наманган момиқ сочиқлари» корхонасида бўлиб, қулай  инвестиция муҳити самаралари билан бевосита танишдилар.


© 2018-2019 Dadil.uz
DADIL.UZ - ахборот-таҳлилий портали. 2018 йил 1 июндаги 1233-сонли гувоҳнома.
Сайт материалларидан қисман ёки тўлиқ фойдаланганда “Фойдаланиш шартлари”га амал қилиниши лозим.
Муаллифлик ҳуқуқи қонун билан ҳимояланган.