18 +  RSS  E-mail
14:23, 10 09 2018

Эзгу мақсадлар йўлида


Юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламдаги ислоҳотлар адолат тамойиллари қарор топишига хизмат қилади. Бунда, айниқса, ишчи-ходимлар манфаатини ҳимоя қиладиган касаба уюшмалари фаолияти муҳимдир.

2017 — 2021 йилларда Ўзбекис­тон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» Давлат ­дастури бажарилишида касаба уюшмалари фаол иштирок этмоқда. Навоий вилоятида ҳам дастур доирасида кекса авлод вакилларини қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш, уларнинг маданий ҳордиқ чиқариши, зиёратгоҳларга саёҳатларини уюштириш ва тизимдаги санаторийларда саломатликларини тиклаш ишлари уюшқоқлик билан олиб бориляпти. Нурота эркаклар «Мурувват» уйида яшовчилар ҳолидан хабар олиниб, уларга туман тармоқ кенгашлари, шунингдек, бирлашма Ёшлар кенгаши томонидан моддий ёрдам кўрсатилди.

Жойларда касаба уюшма ходимлари, уларнинг оила аъзолари учун тарихий шаҳарлар, зиёратгоҳларга саёҳати уюштирилди. Бундан ташқари, ходимларнинг 16 мингдан ортиқ фарзандлари ёзги мавсумни мароқли ўтказишлари учун сўлим оромгоҳларга юборилди. Байрамлар арафасида ёлғиз кекса ва ногиронларнинг коммунал тўловлардан қарздорлиги қоплаб берилди. Ижтимоий суғурта бўлими эса касаба уюшма аъзолари ва ота-оналари, меҳнат фаолиятини давом эттираётган пенсионерлар ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтожларнинг имтиёзли равишда даволаниши, санаторийларга бепул йўлланмалар олишини таъминлади.

Бундан ташқари, касаба уюшмалари пенсия ёшидаги ва пенсияга чиққан ходимларга моддий ёрдам кўрсатиш, тақдирлаш назарда тутилган жамоа шартномалари ва келишувларини ҳам тўлиқ бажармоқда. Бирлашманинг юридик бўлими иш берувчилар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва судлар билан ижтимоий меҳнат муносабатларига оид масалалар юзасидан ҳамкорлик қил­япти. Меҳнаткашлардан тушган мурожаатларни қонун доирасида кўриб чиқиш, фуқаролик ишлари бўйича судлар билан ишлаш, меҳнат қонунчилиги бузилган корхона ва ташкилот ходимларининг ҳуқуқларини тиклаб бериш каби ишларни ўз вақтида амалга оширяпти.

Инсонпарварлик, саҳоват ва бағрикенглик халқимизга хос юксак фазилатлардан саналади. 2017 йил 12 сентябрдаги «Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарори бу борада муҳим дас­туриламал бўлди. Унинг ижросини таъминлаш учун касаба уюшма ташкилотлари жорий йилда вилоят бўйича уй-жойи йўқ, уй-жойи­­ни таъмирлаш, тиббий ёрдам ва шу каби ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар рўйхатини шакллантириб, ҳар бир туман ва шаҳардаги кам таъминланган оилаларга газ плиталари ва газ балонлари топширди. Уй-жой билан таъминлаш, уй-жойларни таъмирлаш ишлари ҳам ниҳоясига етказилмоқда.

Ҳар қандай ғоя халқ манфаатига хизмат қилиб, инсонларнинг келажакка бўлган ишончини мус­таҳкамласагина муваффақиятга эришади. Буни ҳаётнинг ўзи тасдиқламоқда. Ишончимиз комилки, амалга оширилаётган ислоҳотлар халқимизнинг яратувчанлик салоҳиятини рўёбга чиқариб, юртдошларимизни эзгу мақсадлар йўлида янада жипслаштиради.

Назира ТОҒАЕВА,
Навоий вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси.


© 2018-2019 Dadil.uz
DADIL.UZ - ахборот-таҳлилий портали. 2018 йил 1 июндаги 1233-сонли гувоҳнома.
Сайт материалларидан қисман ёки тўлиқ фойдаланганда “Фойдаланиш шартлари”га амал қилиниши лозим.
Муаллифлик ҳуқуқи қонун билан ҳимояланган.